Get Mystery Box with random crypto!

Рассом Туз: Орқага қараган одам олдинга юра олмайди Юраëтган | ELTUZ

Рассом Туз: Орқага қараган одам олдинга юра олмайди
Юраëтган одам бошини сал кўтариб олдга қарайди ва шахдам қадамлайди.
Масалан, у юраëтиб ортга қараса, ëки қанақа юряпман деб оëғига қараса, қоқилиб йиқилиши тайин.
Илк марта велосипед ҳайдаган одам, оëғига қараса йиқилгани каби.
Бугунги замондошларимиз тасвири менинг кўз олдимда нуқул бўйнини қайириб ортга қараëтган бир одамдай гавдаланади.
"Беруний Американи очган, Ибн Сино кўричакни даволаган, Амир Темур Европани қутқарган, Навоий Гиннес китобига кирган" ва ҳоказо деб нуқул мақтанаëтган бу одамлар лоақал битта ихтирони патентламайди.
Патент олиш истагида юрганлар эса энг узун лағмон, энг катта палов, ëки энг кўп мошкичири учун Гиннеснинг эшигини қоқишади.
1928 йил 3 июл куни АҚШда яшайдиган рус аслли олим Зворыкин телевизор ихтиро қилган кун сифатида тарихга кирган.
Бу сана айни пайтда ўзбек ватанпарварларини ранжитибди.
Уларнинг иддаосига кўра, биринчи ҳаракатланадиган оқ-қора тасвирли ускуна Грабовский томонидан Тошкентда 1925 йилда яратилган. 1928 йилда эса телевизон тизим ишга туширилган ва кўчадаги ҳаракатланаётган одамлар университет ичида туриб кузатилган.
Балким шундайдир, лекин бунга патент ëки ишончли ҳужжат йўқ.
Бу жуда оддий - иккита рус олими параллел тадқиқот олиб борган. Биттаси Тошкентда, яна бири Питсбург (АҚШ) да. Тақдир тақозоси билан биринчи ТВ ëйин АҚШда бўлган. Биламиз, Грабовский Навоий кўчасидаги трамвайларни ТВда кўрсатган. Лекин бу ҳолат патентланмаган.
1923 йилда Зворыкин АҚШнинг Питтсбург шаҳрида ТВ намойиш қиладиган приëмник учун патент аризаси берган (US Patent 2141059 of 20.12.1938)
Бу баҳс ўзбекларнинг иззат нафсига тегади, чунки улар Тошкентни ТВ ватани деб ишонишган.
Худди шу маънода Тошкентни Россия инқилоби ватани деб ҳам айтиш мумкин, зотан Керенский Тошкентда туғилган. Ëки рус модерн поэзияси ватани дейлик, чунки Анна Ахматова ўзининг сара мисраларини Тошкентда ëзган.
Гап шундаки, Грабовский ТВ кинескопи устида ишлаëтган пайтда, Тошкент олимлари Або Муслимнинг гурзиси неча ботмон бўлгани ëки ҳазрати Алининг шамшири мубораклари неча газ бўлганини тортишиииб ўтирганлар.
Мадрасадаги бошқа олимлар эса Калвак махзумнинг оëғига занг тақиб, рақс тушиб, муқом қилганидан маст бўлиб, "дўўўст!" деб яқо йиртиб, кўкракларига муштлаганлар.