Get Mystery Box with random crypto!

Янги йил байрамида энг ёқимли машғулот — амалга ошган орзуларн | Saida Mirziyoyeva

Янги йил байрамида энг ёқимли машғулот — амалга ошган орзуларни сарҳисоб қилиб, янги мўъжизалар рўёбини ният қилиш. "Кўнгил кўзи" лойиҳамиздаги кўплаб болажонларим учун яқинлар ва дўстларнинг табассумини кўриш имкони энди ушалмас армон эмас, балки рўёбга чиққан орзудир.

Бу йилги “Совғалар карвони" кўзи ожиз болаларга махсус мўлжалланган ўқув қуролларидан иборат тўплам – Брайль ёзуви учун мослама ва стилуслар, спорт анжомларини олиб келди.

Болалар ҳам бу учрашувни кутган экан, бизга байрамона совғалар тайёрлаб қўйишибди — қўшиқ айтиб, рақсга тушдилар, шеърлар ўқиб беришди. Кўплаб саволлар беришди, ҳаётида рўй берган янгиликлар ва келажак режалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Бу болаларнинг режалари улкан. Уларга қараб, бутун мамлакатимиз ўз олдига мақсад қўйишни ана шу жажжи қаҳрамонлардан ўрганиши керакмикан, деб ўйлаб қолдим. Кириб келаётган йилда ақлли, қувноқ, ижодкор, қизиқувчан ва қатъиятли бу болажонларимизнинг ва, умуман, барчанинг энг бемисл ва ақл бовар қилмас орзулари рўёбга чиқсин!